Вазир IT Park резиденти — «Smart Library» МЧЖ фаолияти билан танишди
2026-04-22 10:30

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ҳудуддаги рақамлаштириш жараёнлари ва ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ташрифнинг дастлабки манзили сифатида IT Park резиденти — таълим ва технологияларни интеграция қилган ҳолда фаолият юритаётган «Smart Library» МЧЖ фаолияти кўздан кечирилди.

Маълум қилинишича, «Smart Library» «Innovative Centre» негизида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ёшларга нафақат хорижий тилларни ўргатиш, балки замонавий технологияларни амалий қўллаш бўйича ҳам таълим бериб келмоқда.

Ташриф давомида марказда таҳсил олаётган ёшлар билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг ахборот технологиялари соҳасига қизиқиши, стартап ташаббуслари ҳамда инновацион ғоялари муҳокама қилинди.

Маълумот учун: марказ битирувчиларидан бири — халқаро сертификатлар соҳиби Азизбек Эшимов сунъий интеллект йўналишида бир нечта стартап лойиҳаларини ишлаб чиққан. Унинг билими ва салоҳияти инобатга олиниб, у IT Parkнинг ёшлар орасидаги элчиси (Ambassador) этиб тайинланди.

659 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 15:31