Президентимиз «President Tech Award» ғолиб бўлган лойиҳалар тақдимоти билан танишди
2026-02-24 17:35

Президент Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган ёшлар билан мулоқот доирасида «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» — «President Tech Award» лойиҳаси ғолибларининг тақдимоти билан танишди.

Мазкур танлов Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида 2023 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Унинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Танлов доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича энг яхши лойиҳалар саралаб олинади:

  • сунъий интеллект;
  • ижтимоий технологиялар;
  • MicroSaaS ва AdTech;
  • молиявий технологиялар ва тадбиркорлик;
  • ўйин дастурлари;
  • махсус йўналиш — хакатон.

Илк ташкил этилган танловда 4 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган бўлса, 2025 йилга келиб иштирокчилар сони 6 мингга яқинлашди. Жамоалар сони эса 444 тадан 862 тага етди.

Давлатимиз раҳбарига танлов ғолиблари ўзларининг стартап лойиҳалари, уларнинг афзалликлари ва амалий самараси ҳақида маълумот бердилар.

Биз кичик стартаплар катта-катта лойиҳаларга, даромадли бизнесга айланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Бунинг учун ҳар бир стартапчи билан мулоқот қилиш ва унга керакли ёрдамни кўрсатиш лозим, — деди Президент.

Шунингдек, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш орқали келажак касблари учун замин яратилаётгани, дунё мамлакатлари ҳам ёшларнинг стартап лойиҳаларига тобора катта қизиқиш билдираётгани таъкидланди.

Президент стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар янада кўпайтирилишини маълум қилиб, ёшларга ўзларининг инновацион ғоялари ва янгича қарашлари билан яна қайси соҳа ва йўналишларда изланишлар олиб боришлари лозимлиги юзасидан тавсиялар берди.

 
 
 
362 просмотров
Дата изменения:2026-07-22 11:54