Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган «Рақамли келажак: умумий ривожланиш векторлари, муаммолари ва ечимлари» мавзусидаги халқаро панель сессияда иштирок этди.
Панель сессияда Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Беларусь вазирлари, Қирғизистон ва Қувайт давлат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда Халқаро электралоқа иттифоқи (ITU) вакиллари иштирок этиб, рақамли трансформация, сунъий интеллект ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот давомида глобаллашув, геосиёсий ўзгаришлар ва технологик тараққиёт шароитида Марказий Евроосиё минтақасининг рақамли ривожланишдаги ўрни ҳамда янги иқтисодий имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Вазир ўз нутқида Ўзбекистон ахборот технологиялари бизнесини ривожлантириш ва халқаро компанияларни жалб этиш учун қулай муҳит яратиш бўйича изчил иш олиб бораётганини таъкидлади. У IT Park резидентлари учун жорий этилган имтиёзлар туфайли ахборот технологиялари компаниялари корпоратив солиқлардан озод этилганини қайд этиб, хорижий компанияларни Ўзбекистонда ўз офисларини очишга чақирди.
Шунингдек, вазир мамлакатнинг асосий устунликларидан бири ёшлар салоҳияти эканини таъкидлаб, халқаро бизнес эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирди.
2017 йилда IT Parkда хорижий капитал иштирокида атиги 4 та компания фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ҳар ой 70 тадан ортиқ янги хорижий компания ўз фаолиятини йўлга қўймоқда. Бунда асосий мақсад масофавий иш ўринларини яратиш, халқаро буюртмаларни Ўзбекистонга жалб қилиш, юқори даромадли иш ўринларини ташкил этиш ҳамда рақамли хизматлар экспорт ҳажмини кенгайтиришдан иборат экани таъкидланди.
Бундан ташқари, Шерзод Шерматов сунъий интеллект технологиялари аҳоли даромадларини ошириш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва иқтисодиёт самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши лозимлигини қайд этди. Шунингдек, вазир хорижий ахборот технологиялари компанияларини Ўзбекистонда ўз офисларини очишга ҳамда мамлакатда яратилган қулай имкониятлардан фойдаланишга таклиф қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш, маълумотлар базаларини ривожлантириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда стартап экотизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, сунъий интеллект ечимларини давлат хизматлари ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларига жорий этиш орқали аҳоли учун қулайликларни ошириш, бошқарув самарадорлигини кучайтириш ҳамда рақамли иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Тадбир Ўзбекистоннинг сунъий интеллект ва рақамли трансформация соҳасидаги тажрибасини халқаро майдонда намоён этиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлди.