Қаршидаги ёшлар учун рақамли имкониятлар: халқаро ИТ-компаниялар фаолияти билан танишиш
2026-01-23 11:59

Ташриф давомида технопарк ҳудудида фаолият юритаётган халқаро ИТ-компанияларнинг жорий бизнес жараёнлари, уларнинг экспортга йўналтирилган хизматлари, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлашга қўшаётган амалий ҳиссалари тақдим этилди. Хусусан, хорижий буюртмачиларга масофадан туриб ИТ-хизматлар кўрсатиб келаётган ва бугунги кунда 20 дан ортиқ ёш мутахассисларни иш билан таъминлаб келаётган "IT-call Qarshi" масъулияти чекланган жамияти фаолияти тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, делегация Америка Қўшма Штатлари бозорига йўналтирилган ва ИТ-хизматларини экспорт қилиш орқали 70 дан ортиқ ёш ходимларни доимий иш билан таъминлайдиган "Data Drive" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Ушбу компанияларнинг тажрибаси Қарши шаҳрида халқаро ИТ-аутсорсинг, масофавий бандлик шакллари ва экспортга йўналтирилган рақамли хизматларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигидан далолат беради.

Бундай лойиҳалар ёшлар учун барқарор даромад манбаи, халқаро меҳнат бозорига кириш, амалий тажриба орттириш ва замонавий рақамли касбларни ўзлаштириш каби реал ижтимоий-иқтисодий имкониятларни шакллантириши алоҳида таъкидланди.

Ҳозирги кунда Ёшлар технопарки нафақат замонавий инфратузилмага эга объект, балки ёш мутахассислар, халқаро ИТ-компаниялар ва рақамли ривожланиш соҳасидаги давлат сиёсатини бирлаштирувчи асосий платформа сифатида шаклланмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ва ИТ-экотизимни кенгайтиришга, шунингдек, янги инвесторлар ва иш берувчиларни жалб қилишга хизмат қилади.

105 просмотров
Дата изменения:2026-05-15 11:48