Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жаҳон банкининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича вице-президенти Сангбу Ким билан учрашув ўтказди.
Учрашувдан аввал делегацияга Ўзбекистонда рақамли трансформация йўналишида эришилган сўнгги натижалар тақдим этилди. Хусусан, IT Park Uzbekistan фаолияти, мамлакатнинг АКТ экотизимини ривожлантириш, IT хизматлари экспортини ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро технологик компанияларни Ўзбекистон бозорига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, делегация UZINFOCOM фаолияти билан таништирилди. Давлат хизматларини рақамлаштириш, электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш, давлат бошқарувида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни инклюзив тарзда ривожлантириш, рақамли инфратузилмани кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, ёшлар, жумладан ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар учун замонавий ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, уларни замонавий рақамли ҳамда хорижий тил кўникмаларига ўқитиш, инсон капиталини ривожлантириш бўйича ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда рақамли ҳукумат соҳасидаги ютуқларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистоннинг GovTech Maturity Index рейтингидаги муваффақиятларини юқори баҳолаб, мамлакат ушбу индексда 73 поғонага кўтарилиб, дунёда 9-ўринни эгаллаганини қайд этдилар. Шу билан бирга, рақамли ва телекоммуникация соҳаларидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, халқаро рейтинглардаги позицияларни мустаҳкамлаш ҳамда соҳанинг иқтисодиётга таъсирини кучайтириш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, мамлакатда маълумотларни қайта ишлаш марказлари инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд қувватларни кенгайтириш ва рақамли хизматларга бўлган ортиб бораётган талабни қондириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар рақамли иш ўринларини яратиш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, рақамли ҳукумат ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқдилар.