Кореяда рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича малака ошириш дастури бошланди
2026-06-11 19:20

Корея Республикасида Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари салоҳиятини ривожлантириш институти (LOGODI) ҳамкорлигида амалга оширилаётган **«Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш дастури»**нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Дастурда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар, Адлия, Ички ишлар, Сув хўжалиги, Қишлоқ хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари, Туризм ҳамда Солиқ қўмитаси вакиллари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимликларининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича масъул мутахассислари иштирок этмоқда.

Очилиш маросимида LOGODI президенти Ан Жун Ҳо, Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ким Мин Же, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, шунингдек, дастурда иштирок этаётган вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.

Дастур доирасида иштирокчилар рақамли ҳукумат, давлат бошқарувида инновацион ёндашувлар, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда Кореянинг илғор тажрибасига бағишланган ўқув машғулотлари ва амалий ташрифларда иштирок этадилар.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида рақамли трансформация бўйича тажриба алмашиш ҳамда мутахассислар салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Дастур Корея Республикаси гранти асосида амалга оширилмоқда.

631 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 17:30