Women in Tech Global Awards 2026 мукофоти учун аризалар қабули бошланди
2026-05-26 16:15

Париж шаҳрида технология соҳасидаги аёлларнинг ютуқларини эътироф этишга бағишланган халқаро Women in Tech Global Awards мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади.

Тадбир технология ва инновациялар ривожига ҳисса қўшаётган аёл лидерлар, тадбиркорлар, муҳандислар, тадқиқотчилар, ўқитувчилар ҳамда сиёсат соҳаси вакилларини бирлаштиради.

Women in Tech — дунёнинг 65 та мамлакатидаги 500 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган глобал ҳамжамият ҳисобланади. Бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган ташкилот Франция Президенти ҳомийлиги остида фаолият юритиб, таълим, бизнес, рақамли инклюзия ҳамда халқаро элчилик (Ambassador) йўналишларида ташаббусларни амалга оширмоқда.

Аризаларни 10 июлга қадар Women in Tech Awards расмий сайти орқали тегишли ҳудуд ва номинацияни танлаган ҳолда топшириш мумкин. Номзод сифатида ўзингизни ҳам, бошқа иштирокчиларни ҳам кўрсатишингиз мумкин.

Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича аниқланади:

  • Aspiring Teen Award — Ёш истеъдод эгаси мукофоти;
  • Best Ally Award — Энг яхши ҳамкор мукофоти;
  • Most Impactful Initiative Award — Энг катта таъсирга эга ташаббус мукофоти;
  • Woman in Web3 Award — Web3 соҳасидаги аёл мукофоти;
  • Most Disruptive Award — Энг инновацион лойиҳа мукофоти;
  • Start-Up Award — Стартап мукофоти;
  • Tech Diplomacy Award — Технологик дипломатия мукофоти;
  • Global Leadership Award — Глобал лидерлик мукофоти;
  • Lifetime Achievement Award — Умрбод ютуқлар мукофоти;
  • Honorary Award — Фахрий мукофот.

Мукофот 7 та минтақавий босқични қамраб олади:

  • Лотин Америкаси;
  • Европа;
  • Яқин Шарқ ва Шимолий Африка;
  • Марказий ва Шарқий Осиё;
  • Шимолий Америка;
  • Африка;
  • Осиё–Тинч океани минтақаси.

Минтақавий босқич ғолиблари жаҳон миқёсида ўз ҳудудини намойиш этиш имкониятига эга бўлади. 2025 йилда мукофот финалида дунёнинг 52 та давлатидан 65 нафар иштирокчи қатнашган.

Кавказ ва Марказий Осиё вакиллари Regional Awards мукофотига ариза топширишда Caucasus and Central Asia ҳудуди ҳамда тегишли номинацияни танлашлари лозим. Жорий йилда Women in Tech CCA Awards тақдирлаш маросими Олмаота шаҳрида ўтказилади.

Women in Tech Global Awards мукофотига ариза топширинг ва ўз ҳикоянгизни бутун дунёга сўзлаб беринг!

Ариза бериш

933 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 16:44