Ўзбекистонда илк бор Viasat сунъий йўлдоши орқали мобил алоқа қурилмасига сунъий йўлдош хабарларини узатиш бўйича синов намойиши ўтказилди
2026-05-21 09:45

«GSMA M360 Eurasia» халқаро форуми доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов глобал сунъий йўлдош ва рақамли алоқа ечимларига ихтисослашган Viasat компаниясининг минтақавий вице-президенти Ҳилми Текинсой билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда сунъий йўлдош алоқа технологияларини ривожлантириш, чекка ҳудудларда интернет қамровини кенгайтириш ҳамда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистонда илк бор Viasat сунъий йўлдоши орқали мобил алоқа қурилмасига тўғридан-тўғри сунъий йўлдош хабарларини узатиш имконини берувчи Direct-to-Device (D2D) технологиясининг синов намойишини ўтказдилар. Учрашувда ушбу технологиянинг имкониятлари ва техник хусусиятлари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Шунингдек, мамлакатда пилот лойиҳаларни амалга ошириш, дастлаб айрим ҳудудларда синов тариқасида жорий этиш ва кейинчалик ушбу ечимларни республика миқёсида кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Лойиҳаларни вазирлик раҳбарлигида миллий операторлар ва маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Музокаралар давомида Viasat компанияси томонидан Ўзбекистон учун истиқболдаги миллий сунъий йўлдош ечимларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Компания вакиллари бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг космик технологиялар соҳасидаги салоҳиятини ошириш, шунингдек, нафақат мамлакат ҳудуди, балки қўшни минтақаларни ҳам қамраб олиш имконини беришини қайд этдилар.

Шу билан бирга, Viasat ўзининг глобал сунъий йўлдош тармоғи билан интеграциялашган ечимларни таклиф қилиб, турли мамлакатларда терминаллар ва қурилмаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш имкониятларини тақдим этди.

Компания вакиллари ушбу технологиялар юқори ишончлилик даражасига эга эканини ҳамда улар миллий хавфсизлик ва амалдаги тартибга солиш талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда жорий этилишини таъкидладилар.

Музокаралар якунида томонлар рақамли инфратузилма, сунъий йўлдош технологиялари ҳамда инновацион телекоммуникация хизматлари соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

505 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 16:41