Жаҳон мобил конгресси (MWC) доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Huawei компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда компаниянинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича президенти Филин Гань ҳамда Huaweiнинг минтақавий вакиллари иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, сунъий интеллект асосидаги ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий дата-марказлар лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, юқори тезликдаги маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш, булутли хизматлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантириш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув давомида телекоммуникация бозорини ривожлантириш ҳамда операторлар даромадларини оширишга хизмат қилиши мумкин бўлган турли моделлар ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, компания вакиллари Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакат билан технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашувдан сўнг вазир Шерзод Шерматов Huawei компаниясининг кўргазма стенди билан танишди. У ерда дата-марказлар учун замонавий ечимлар, юқори унумдорликка эга сунъий интеллект ҳисоблаш инфратузилмаси, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш платформалари ҳамда телеком тармоқларини интеллектуал бошқаришга қаратилган технологиялар намойиш этилди.
Жумладан, тақдимот давомида «Intelligent WAN» технологияси асосида тармоқларни интеллектуал бошқариш, маълумотлар трафигини оптимал тақсимлаш ҳамда киберхавфсизликни кучайтиришга хизмат қилувчи ечимлар ҳақида батафсил маълумот берилди.